*

Ўзбекистон давлат драма театри жамоаси Абдулла Қодирий уй музейида

Маълумки, бугунги кунда Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигини кенг нишонлаш бўйича республикамиз миқёсида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон давлат драма театрида ҳам Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ёлғиз” қиссаси асосида адиб ҳаёти ва у яшаган давр тўғрисида театр бош режиссёри Олимжон Салимов томонидан “Жинлар базми” спектакли саҳналаштирилмоқда.

Бугун 18 сентябрь куни Ўзбекистон давлат драма театри жамоаси миллий романчилигимиз асосчиси, миллатимизнинг фахрли адиби Абдулла Қодирийнинг уй музейига ташриф буюришди. Театр ходимларини ёзувчининг набираси Хондамир Қодирий кутиб олди ҳамда Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди, унинг дўслари билан бўлиб ўтган йиғилишлари хусусида қизғин суҳбат бўлиб ўтди. Қодирий сиймоси ёдга олинди. Театр актёрлари ўзларини қизиқтирган саволлар билан Хондамир Қодирийга мурожаат қилишди. Ташриф сўнгида театрнинг бош режиссёри Олимжон Салимов томонидан ёзувчи ҳаққига дуо ўқилди.